Флагман туркумнинг арзон вакиллари – OPPO Find X3 Neo ҳамда Find X3 Lite чиқди

  •   DiMaX
  •  580
  •  13.03.2021 11:43

Флагман туркумнинг арзон вакиллари – OPPO Find X3 Neo ҳамда Find X3 Lite чиқди

Oppo корпорацияси куни кеча Find X3 туркумида тўртта смартфонини тақдим этди. Стандарт талқиндаги флагман ҳамда унинг Find X3 Pro версияси бош камерасида нақ 60 карралик зумга эга микроскопик датчик қўлланган.

ЎҚИНГ: Oppo «дамини олсин» – Xiaomi ҳам микроскоп-камерали, ундан ташқари бирйўла иккита 108МП камерали смартфонлар чиқаряпти! (+«жонли» сурат)

Янги авлод флагманлар туркумига бу иккитасидан ташқари яна Find X3 Neo ҳамда Find X3 Lite моделлари ҳам кирган. Лекин уларни буткул янги деб бўлмайди – бу икки гаджет Хитой бозоридаги Reno 5 5G ҳамда Reno 5 Pro+ 5G смартфонларининг халқаро глобал версияларидир.

OPPO Find X3 Neo модели диагоналига 6,5 дюймлик, четлари қайрилма AMOLED-экранга эга. Дисплейнинг тасвир узатиши Full HD+ форматида (2400х1080 пикселлик) янгиланиш частотаси эса 90 герцлик. Аппарат платформаси сифатида ўтган йилги флагман процессор – Snapdragon 865 қўлланган, тезкор/ички хотираси эса 12/256 гигабайтлик.

Унинг бош камерасида асосий датчик сифатида, худди Find X3 ҳамда Find X3 Pro флагманларидаги каби, 50 мегапикселлик аниқликдаги, оптик барқарорлаштириш функцияли Sony IMX766 датчиги қўлланган. Квадрокамерада яна ўта кенг бурчакли объектив билан бириккан 16 МПлик сенсор, телеобъективга эга 13 МПлик датчик ҳамда 2 МПлик макромодул мавжуд. Селфи учун эса экран туйнугига жойлашган 32 мегапикселлик камера мавжуд.

Find X3 Neo аккумуляторининг ток сиғими 4500 мА/соатлик бўлиб, 65 ваттлик тезкор қувватлана олади. Бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлловчи ҳамда NFC чипига эга бўлган бу смартфон Starlight Black ҳамда Galactic Silver рангларида ишлаб чиқарилмоқда. OPPO унинг учун 815 евро (тахминан $975) миқдорида нарх белгилаган, савдоси 14 апрелда бошланади.

ЎҚИНГ: $150 эвазига 48 МПлик квадрокамера ва 6000 мАс батареяли Galaxy M12 тўлиқ намойиш қилинди!

OPPO Find X3 Lite моделига келсак, унда Snapdragon 765G процессори ҳамда 8/128 гигабайтлик тезкор/доимий хотира чиплари ишлатилган. Дисплейининг ўлчами диагоналига 6,4 дюймлик, аниқлиги FHD+ форматида, янгиланиш частотаси 90 герцлик. Ток сиғими 4300 мА/соатлик батареяси, худди туркумнинг «катта» вакилларидаги сингари, 65 ваттлик технология асосида тезкор қувватлана олади.

«Енгил» флагман квадрокамераси 64 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик сенсорлардан иборат. Унинг селфи-камераси ҳам қолган учта моделдаги каби – 32 мегапикселлик. Бу смартфон ҳам NFC модулига, шунингдек, Android 11 базасидаги ColorOS 11.1 график қобиғига эга. Булардан ташқари, у мазкур туркумда 3,5 миллиметрлик стандарт қулоқчин тирқишига эга бўлган ягона моделдир.

OPPO Find X3 Lite смартфони Galactic Silver, Starry Black ҳамда Astral Blue рангли корпусларда, €465/$560 нархида таклиф этилади.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 чипли энг арзон флагман 10 сонияда 15 млн долларлик сотилди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!