Тошкент автобусларида бепул Wi-Fi пайдо бўлди
Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи 3 та йўналишли автобусда Wi-Fi Bus лойиҳаси доирасида бепул Wi-Fi ишга туширилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати хабар берди.
Эндиликда бепул Wi-Fi'дан 2-сонли, 38-сонли ва 72-сонли автобус йўловчилари фойдаланишлари мумкин. Унга қандай уланади?
Исталган мобиль қурилма ёрдамида Uzmobile-Wi-Fi тармоғидан кириш мумкин бўлган Wi-Fi'ни танлаб, 9432 (Uzmobile абонентлари учун) қисқа рақамига ёки +99895 146-94-34 (бошқа мобиль операторлар абонентлари учун) рақамига хоҳлаган бирор белгини SMS тарзида юбориш керак.
Интернет тезлиги қанча бўлиши маълум эмас.
“Тошшаҳартрансхизмат” хабарида қайд этилишича, фойдаланувчиларда бепул Wi-Fi орқали фақатгина Ziyonet.uz порталига кириш имконияти бор.
Йил сўнггига қадар яна 50 та йўналишли автобусларда бепул интернет тармоғини жорий этиш режалаштирилган.