Узоқ кутилган Redmi 9 тақдим этилди – хусусият ва нархлари

  •   DiMaX
  •  4265
  •  10.06.2020 18:36

Узоқ кутилган Redmi 9 тақдим этилди – хусусият ва нархлари

Xiaomi ҳали Redmi 9 моделини расман намойиш этмай туриб, AliExpress’даги расмий дўконида сотувга чиқарган эди. Ўшанда унинг нархлари ўта юқори кўрсатилган, кейин эса...

ЎҚИНГ: Redmi 9’га аллақачон расман буюртма бериш мумкин, нархи энди «жойига тушди»!

Бугун – 10 июнь куни Испанияда ушбу смартфоннинг расмий тақдимоти ўтказилди. Кутилганидек, унинг дизайни Redmi K30 флагманига ўхшаб кетади.

Redmi 9 диагоналига 6.53 дюймлик IPS-дисплейга эга, тасвир аниқлиги FHD+ форматида (2340х1080 пикселлик). Экраннинг томонлари ўзаро 19.5:9 нисбатда, ёрқинлиги 400 нит ва 394 ppi. Томчисимон кемтикли дисплей устига Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Смартфоннинг «электрон юраги» – 12 нанометрлик тех-жараён асосида тайёрланган MediaTek Helio G80 процессоридир. Ушбу чипсет максимал такт частотаси 2.0 ГГц.лик иккита Cortex-A75 ҳамда 1.8 ГГц.лик олтита Cortex-A55 ядроларини ўз ичига олган. Графикани қайта ишлашга эса 950 мГц частотали Mali-G52 видеотезлатгичи масъул.

Тезкор/ички хотирасига кўра Redmi 9 икки хил модификацияда: 3/32 ҳамда 4/64 гигабайтлик вариантларда таклиф этилди. Унинг автономлиги учун ток сиғими 5020 мА/соат бўлган аккумулятор жавобгар. Батарея замонавий USB-C порти орқали қувват олади ва 18 ваттлик Quick Charge 3.0 тезкор зарядлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Лекин бундай тезкор қувватлагични алоҳида сотиб олишга тўғри келади, Redmi 9 жамланмасида эса фақат 10 ваттлик зарядчик бор.

Redmi 9 бош камераси тўрт модулли – бош сенсор 13 мегапикселлик (f/2.2). Иккинчи датчик 8 МПлик (f/2.2) бўлиб, кенг бурчакли объектив билан бирлашган. Учинчи – макрокамера аниқлиги 5 Мп (f/2.4) бўлса, чуқурликни аниқлаш сенсори 2 мегапикселлик. Селфилар учун эса экран кемтигига 8 мегапикселлик (f/2.0) якка камера ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Бешта моделдаги Xiaomi смартфонига глобал MIUI 12 прошивкаси кела бошлади! (+ҳавола)

Гарчи арзон туркумга мансуб бўлса-да, бу смартфонда контактсиз тўловлар учун NFC чипи, шунингдек, пульт сифтида қўллаш учун инфрақизил порт бор. Иккита SIM-картали қурилма MIUI 11 график қобиғи остидаги Android 10 операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.

Испанияда бу смартфон учун 15–17 июнь кунлари акция нархларида олдиндан буюртма бериш мумкин: 3/32 ГБ хотиралиси 139 евро бўлса, 4/64 гигбайтлиги 149 евродан. Кейин эса уларнинг нархлари тегишлича 169 ва 179 евро қилиб белгиланади. Redmi 9 бошқа мамлакатлар бозорларига қачон ва қандай нархларда чиқиши ҳозирча номаълум, аммо AliExpress дўконида ҳам олдиндан буюртма қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Глобал прошивка, Глобал версия ва Хитой версия. Буларнинг фарқи нимада?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!