Энг кучли процессорли энг арзон флагман бир дақиқада 100 000 тадан ортиқ сотилди!

  •   DiMaX
  •  3063
  •  02.11.2020 09:52

Энг кучли процессорли энг арзон флагман бир дақиқада 100 000 тадан ортиқ сотилди!

Qualcomm компаниясининг энг сўнгги флагман процессори Snapdragon 865 Plus 8 июль куни тақдим этилган. Ўтган йилги Snapdragon 855 ҳамда Snapdragon 855+ моделларида бўлгани каби, янги чипсетнинг ҳам Snapdragon 865 билан солиштирганда фарқлари унча кўп эмас.

ЎҚИНГ: AnTuTu'да янги рекорд ўрнатилди

Гарчи америкалик чипсоз Snapdragon 865+ ўзининг олдинги “аждод”идан 10 фоизга тезкор эканини таъкидлаган бўлса-да, амалда ундан олдинги – Snapdragon 865 асосидаги смртфонлар кучлироқ бўлиб чиқяпти. Жумладан, AnTuTu бенчмарки ўтган ойда тақдим этган энг қудратли Android-смартфонларнинг янги глобал рейтингида Snapdragon 865 Plus процессори базасидаги моделлар фақат бешинчи ва олтинчи ўринларнигина эгаллаган.

Шундай қилиб, Snapdragon 865 энг кучли Android-процессор бўлиб турибди; унинг базасида ишланган энг сўнгги ва энг арзон смартфонни эса Xiaomi компаниясининг суббренди тақдим этган. Бу – Redmi K30S қурилмаси бўлиб, у ҳам буткул янги смартфон эмас, балки аввалроқ Европа бозорига тақдим этган флагман – Xiaomi Mi 10T моделининг ребрендинг қилинган нусхасидир.

Redmi бренди кеча – 1 ноябрь куни ўз юртида мазкур флагманини сотувга чиқарди ва хитойликлар уни талашиб сотиб олишди. Xiaomi вице-президенти ва смартфонлар бўлинмаси раҳбари Адам Цзэн Сюэчжун (Adam Zeng Xuezhong) эълон қилишича, савдоси бошланиши билан – бир дақиқадаёқ юз минг донадан ортиқ Redmi K30S сотилган. Бунда флагманнинг барча сотув каналлари – Xiaomi, JD.com, Tmall ва Suning онлайн дўконларидаги харидлар ҳисобланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу флагман аллақачон глобал бозорга ҳам чиққан, бироқ бошқачароқ – Redmi K30S Ultra номи билан ва Хитойдагисидан анча қиммат нархда!

ЎҚИНГ: Redmi’нинг янги флагмани бу жиҳатига кўра iPhone 11’дан ҳам зўр чиқди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.