Энг оммабоп Redmi смартфони «ғиштга айланиб» қоляпти, Xiaomi эса жим!

  •   DiMaX
  •  3541
  •  18.12.2019 11:58

Энг оммабоп Redmi смартфони «ғиштга айланиб» қоляпти, Xiaomi эса жим!

Xiaomi сентябрда Redmi Note 8 ҳамда Redmi Note 8 Pro смартфонларини Хитойда намойиш этганди. Улар кейинчалик глобал талқинда ҳам тақдим қилиниб, бир қатор Европа ва Осиё мамлакатларида ҳам сотувга чиқди.

ЎҚИНГ: Redmi’нинг иккита арзон флагмани рекорд ўрнатди

AnTuTu яқиндагина чиқарган рейтингга кўра, Redmi Note 8 Pro ўрта нархли смартфонларнинг энг зўридир. Шунингдек, ушбу қурилма дунё бўйлаб тренддаги телефонлар рейтингларида ҳам юқори ўринлардан тушмай келаётир.

Бироқ ушбу гаджет Mediatek Helio G90T чипсети базасига қурилганлиги боис Xiaomi у билан боғлиқ нохуш вазиятларга тушиб қолаётир. Гап шундаки, тайванлик ушбу чипсоз процессорлари оригиналидан ташқари – фойдаланувчилар ишлаб чиққан норасмий (кастом) прошивкаларни қўллаб-қувватламайди. Xiaomi эса бунинг аксини исботламоқчи бўлиб, Redmi Note 8 Pro ядросининг чиқиш кодларини ҳам эълон қилган. Шундан сўнг эса XDA ҳамжамиятидаги нуфузли дастурчиларга ушбу смартфондан 10 донасини кастом прошивка ўрнатиб кўришлари учун жўнатган.

ЎҚИНГ: Фойдаланувчилар фикри: Xiaomi смартфонларининг асосий афзаллиги нимада?

Бироқ дастурчиларнинг Redmi Note 8 Pro (сотиб олиш) моделига кастом прошивка ўрнатиш бўйича ўтказган тажрибалари Xiaomi кутганидек бўлиб чиқмади. Гап шундаки, смартфонни кастом рекавери ёки мод орқали қайта прошивкалашда ҳам, ҳаттоки рекавери орқали MIUI янгиланишларини ўрнатишда ҳам қурилма «ғиштга айланиб» қоляпти. Бунга уриниб кўрган фойдаланувчилар ва дастурчилар ўз смартфонларини блокдан чиқара олмай қолишган.

Бунинг сабаби эса аксарият дастурчилар ва фойдаланувчиларда авторизациядан ўтган Xiaomi аккаунти йўқлигидир, дейилмоқда хабарларда. Компаниянинг ўзи бу борада маълумот бермаган, авторизацияли аккаунти мавжуд бўлганлар эса расмий прошивкани текинга қайта ўрнатиб беришмайди. Расмий прошивкани қайта ўрнатиш – Redmi Note 8 Pro’ларни «ғиштдан смартфонга айлантириш»нинг ягона йўлидир.

Шу сабабли Redmi Note 8 Pro фойдаланувчилари Twitter орқали Xiaomi’га мурожат йўллаб, Mi аккаунтини талаб этмайдиган SPFlashTool версиясини тақдим этишини сўрашган. Компания ҳозирча уларга жавоб ёки бу борада бирор расмий изоҳ бермай турибди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар эҳтимолга қарши, моделидан қатъи назар, смартфонингизга чет прошивкаларни ўрнатмасликни тавсия этамиз.

ЎҚИНГ: Redmi K30’нинг тақдимотда айтилмаган сири фош бўлди! (+«жонли» видео)

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.