Европада атиги 4500 долларлик электромобил пайдо бўлиши мумкин

  •   DiMaX
  •  899
  •  25.02.2021 18:15

Европада атиги 4500 долларлик электромобил пайдо бўлиши мумкин

Нисбатан арзон бўлган Wuling Hong Guang Mini EV электромобили 2020 йилнинг иккинчи ярмида Хитойдаги энг кўп сотилган автомобил бўлди. Бу тўғрида Kun.uz нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: 2020 йили энг кўп сотилган ўнта электромобил

Энг муҳими – нарх

Енгил электромобиллар келажаги ҳақида баҳсга ҳожат йўқ – транспортнинг бу тури ўзининг беназир устунликлари ва объектив камчиликлари билан жуда тез ривожланяпти. Деярли барча автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар ер куррасини арзонроқ ва яхшироқ янги моделлар билан забт этиш орзусида.

2020 йилнинг июлида ҳаммабоп Wuling Hong Guang Mini EV электромобиллари сотувга чиқиб, тезда бозорни эгаллади ва 112 минг дона сотилиб, ўтган йилнинг 2-ярмида Хитойда энг кўп сотилган электромобилга айланди.

Йил якунларига кўра эса, SAIC-GM-Wuling Hongguang компаниясининг ушбу улови Tesla Model 3’дан кейин энг кўп сотилган электромобил бўлди. Компания эгалари 2021 йилда рекорд миқдорда автомобил сотишни мўлжалламоқда ва Hong Guang Mini EV дунёдаги энг кўп сотиладиган электромобил бўлади.

«Халқ электрокари»нинг қисқача тавсифи:

  • Энг оддий моделининг нархи 4460 АҚШ доллари, кондиционерлиси 5000 доллар;
  • Энг юқори тезлиги соатига 100 километр;
  • 2 эшиги бор, салонга 4 киши сиғади. Автомобилнинг узунлиги 3 метр, эни 1,5 метр.

Бу камтарона улов шаҳар ичида юришга қулай. У замонавий технологияларга эга эмас ва оддий розеткадан қувват олади.

ЎҚИНГ: Alibaba’да ҳатто флагман смартфонлардан ҳам арзон электромобил сотиляпти! (+«жонли» видео)

Шаҳар электромобилининг янги намунаси

Wuling Hong Guang Mini EV’нинг Хитойдаги ақл бовар қилмас савдоси таҳлилчилар диққатини тортди.

«Мижозлар унинг арзон нархи ва дизайнига юқори баҳо беришмоқда. У, айниқса, Хэнан ва Шандун провинцияларида яхши сотилмоқда. Гувоҳномасиз бошқариш мумкин бўлган, лекин тезкор шосселарда юра олмайдиган уловлар шу провинцияларда оммабоп», дейди LMC Automotive тадқиқот компанияси таҳлилчиси Алан Канг.

Содда қилиб айтганда, Guang Mini EV моделини одатий енгил автомобилдан фарқли ўлароқ, смарт ё компакт деб аташ мумкин. Ҳа, албатта салонда алоҳида комфорт йўқ, кўплаб замонавий техник тизимлар ҳам мавжуд эмас, лекин нархи бу электрокарни жудаям оммабоп қилиб юборди.

ЎҚИНГ: Tesla тайёрлаган энг арзон электромобилни сифатли суратларда кўрамиз

Энди нима бўлади? Катта эҳтимол, Хитойда юқори суръатларда оммалашади. Кўплаб оммавий ахборот воситалари Guang Mini EV’ни Хитой-АҚШ қўшма лойиҳаси ва сифати яхши бўлиши керак деб баҳо бермоқда.

Бу мўъжизани қаердан сотиб олиш мумкин? Бу ҳозирча аниқ эмас. Албатта Wuling компанияси халқаро бозорга чиқишни истайди. 2020 йилнинг августида э-мобилнинг бир неча версияларини Европада сотиш бўйича шартномалар имзоланди. Бироқ, мавжуд маълумотларга кўра, Евроиттифоқнинг экологияга оид қатъий талаблари туфайли машина нархи икки баробарга қиммат бўлиши мумкин.

Солиштириш учун, митти Citroen Ami машинасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ҳам бошқарса бўлади ва улов соатига 45 километр тезликда ҳаракатлана олади. Citroen Ami расман 4 ғилдиракли велосипед дея тавсифланади. Бу эса, Евроиттифоқ ва Буюк Британия ҳудудида 16 яшар болалар ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ушбу электромобилни бошқариши мумкин, дегани.

Дарвоқе, ўтган йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон қаерлардан ва нечта электромобил сотиб олгани ҳақидаги мақоламизни ўқиганмидингиз? Юртимизга электромобил импорти 2 йилда 10 карра ошганини билармидингиз? GM илк бор катта шаҳар кўчаларида ҳайдовчисиз электромобилларни синовдан ўтказганидан хабарингиз бормиди?

ЎҚИНГ: Porsche электрокари тезлик бўйича жаҳон рекордини янгилади! (видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!