Nokia G300 тақдим қилинди
Nokia компанияси янги Nokia G300 смартфонини тақдим этди. Қурилманинг олд панелида HD+ сифатни қўллаб-қувватлайдиган ва 8 мегапикселли селфи-камера ўрнатилган томчисимон қирқимга эга 6,5 дюймли дисплей жойлашган. Бармоқ изи сканери ён томонидан ўрин олган, юз орқали блокдан чиқариш функцияси мавжуд. Минус жиҳатлари — ён ҳошияларининг қалинлиги, бу смартфонга қўпол кўриниш берган.
Nokia G300 Snapdragon 480 5G процессори ва 4 гигабайт тезкор хотира билан жиҳозланган. Процессор такт частотаси 2 гигагерц бўлган иккита А76 ядроси ҳамда такт частотаси 1,8 гигагерц бўлган олтита А55 ядро кластерига эга саккиз ядроли чипсет ҳисобланади. G300 64 гигабайтли ички хотира ва Android 11 операцион тизимида тақдим этилади.
G300 га ўрнатилган 4470 мА/соатли аккумулятор икки кунлик автономликни ваъда қилмоқда. Шунингдек, 18 ваттли тезкор қувватланиш имконияти мавжуд. Смартфон 19 октябрдан 200 доллар қийматида сотувга чиқарилади.