ZTE бу флагмани билан Xiaomi Mi 11 Ultra’нинг «бурнини ерга ишқаламоқчи»!

  •   DiMaX
  •  978
  •  03.04.2021 15:03

ZTE бу флагмани билан Xiaomi Mi 11 Ultra’нинг «бурнини ерга ишқаламоқчи»!

Биласизки, Xiaomi компанияси 29 мартдаги мега-тақдимотида Xiaomi Mi 11 Ultra премиум-флагманини намойиш этган. Мазкур модел аллақачон DxOMark рейтингида биринчи ўринга чиқиб ҳам улгурган.

ЎҚИНГ: Mi Mix Fold тақдим этилди: илк Xiaomi букламафони, суюқ линзали камерага эга биринчи смартфон! (+видео)

ZTE компанияси эса унинг рекордини ҳам синдиришга бел боғлади: унинг таъкидлашича, яқинда чиқадиган Axon 30 Pro модели 2021 йилнинг энг кучли камерасига эга бўлади. Бу тўғрида корпорациянинг смартфонлар бўлинмаси раҳбари Ни Фей (Ni Fei) чиқиш қилган.

Қуйидаги реклама постерига кўра, ZTE Axon 30 Pro бош камераси тўртта модулдан иборат ва улардан бири перископ камерадир:

Хабарларга кўра, квадрокамерадаги учта датчикнинг ҳар бири 64 мегапикселлик аниқликка эга. Умуман смартфонларда илк бор қўлланаётган бу тизимни компания Trinity деб атамоқда.

Axon 30 Pro бош камерасидаги тўртинчи сенсорнинг қанақа бўлиши ҳозирча очиқланмаган; бу макро ёки оқ-қора суратга олувчи, кичикроқ аниқликдаги датчик бўлиши мумкин. Юқоридаги тизердаги суратга кўра, квадрокамера модулларида турлича, мураккаб объективлар қўлланади.

ЎҚИНГ: «Қурилмаларни қийновчи» техноблогер 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфонларини эълон қилди (+видео)

Илғор камерасидан ташқари, ZTE Axon 30 Pro модели Snapdragon 888 процессорига ҳамда 55 ваттлик тезкор қувватланувчи 4500 мА/соатлик аккумуляторга эга.

Флагманга ўрнатилаётган, Visionox ишланмаси бўлмиш дисплей 120 герцлик частотада кадр янгиланишини қўллаб-қувватлайди. Компаниянинг олдинги смартфони – Axon 20 5G моделида дунёдаги илк «кўринмас» селфи-камера қўлланган бўлса, кутилаётган камерофонда иккинчи авлод экраности камера ишлатилади.

ЎҚИНГ: Яширин селфи-камерали илк смартфон савдога чиқибоқ рекорд ўрнатди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!