108 МП камера, энг зўр дисплей ва Snapdragon 888 чипли Xiaomi Mi 11i намойиш этилди

  •   DiMaX
  •  841
  •  02.04.2021 11:49

108 МП камера, энг зўр дисплей ва Snapdragon 888 чипли Xiaomi Mi 11i намойиш этилди

Хабарингиз борки, Xiaomi компанияси 29 мартдаги мега-тақдимотини Mi 11 Pro смартфони анонси билан бошлаган эди. Бироқ тадбирнинг бош қаҳрамони – Xiaomi Mi 11 Ultra премиум-флагмани DxOMark рейтингида биринчи ўринга чиқиб улгурди. Шунингдек, булардан ташқари яна Mi 11 Lite ҳамда Mi 11 Lite 5G смартфонлари ҳам тақдим қилинди. 30 март куни эса буларнинг баридан зўр гаджет чиқди...

ЎҚИНГ: Mi Mix Fold тақдим этилди: илк Xiaomi букламафони, суюқ линзали камерага эга биринчи смартфон! (+видео)

Ушбу бешта телефондан ташқари, мега-намойишда яна Xiaomi Mi 11i модели ҳам тақдим қилинган. Бироқ у буткул янги девайс бўлмасдан, компаниянинг арзончи бренди аввалроқ намойиш этган флагман – Redmi K40 Pro+ смартфонининг глобал версиясидир.

Xiaomi Mi 11i ҳам флагман процессор – Snapdragon 888 базасига қурилган ҳамда энг илғор, яъни тегишлича LPDDR5 ҳамда UFS 3.1 стандартларидаги тезкор ва доимий хотира чиплари билан таъминланган. Унинг экрани стандарт Xiaomi Mi 11 ҳамда унинг Mi 11 Ultra версияларидан фарқли равишда, текис (яъни – четлари қайрилмаган). Шунга қарамай, бу – ҳозирги даврда энг илғор бўлиб турган (DisplayMate тестида энг юксак – A+ баҳосини олган) Samsung E4 AMOLED панелидир. Ўлчами диагоналига 6,67 дюймлик дисплейда кадр янгиланиши 120 герцлик, сенсор қатлами эса 360 герцлик частотага эга. Максимал ёрқинлиги 1300 нит бўлган экран HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Глобал версияли ушбу смартфон камералари ҳам Хитойда сотилаётган Redmi K40 Pro+ моделидаги билан бир хил: 108 мегапикселлик ISOCELL HM2 датчиги, кўриш бурчаги 119 даражали объективга эга 8 МПлик ўта кенг бурчакли модул ҳамда 5 МПлик макрообъектив. Селфи учун эса дисплейнинг юқори қисми ўртасидаги тирқишга 20 мегапикселлик сенсор ўрнатилган.

Булардан ташқари, Xiaomi Mi 11i модели ҳам Dolby Atmos тизимли стереодинамиклар, Wi-Fi 6 ҳамда NFC модуллари билан таъминланган. Ток сиғими 4520 мА/соатлик аккумулятор 33 ваттлик тезкор қувватланади ва смартфоннинг қадоқ жамланмасига зарядчик ҳам киритилган.

Xiaomi Mi 11i смартфони Celestial Silver, Frosty White ҳамда Cosmic Black рангли корпусларда тез орада сотувга чиқади. Унинг тезкор/ички хотираси 8/128 гигабайтлик версияси учун 649 евро, 8/256 гигабайтлиги учун эса 699 евро нарх белгиланган.

ЎҚИНГ: Xiaomi ўз логотипини ўзгартирди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!