Asus ROG Phone 3 чиқди: бош рақибидан икки карра қиммат, лекин шунга яраша зўр-да! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1046
  •  23.07.2020 16:04

Asus ROG Phone 3 чиқди: бош рақибидан икки карра қиммат, лекин шунга яраша зўр-да! (+видео)

Бугун эрталаб биз Samsung компанияси Galaxy Z Flip 5G букламафонини тақдим этгани ҳақида ёзгандик. У билан бир вақтда Lenovo компаниясининг шу пайтгача хабарларда Lenovo Legion деб келинган Legion Duel геймерофони ҳам чиққан. Шу куни энг қудратли процессорга таянувчи илк смартфонларнинг учинчиси – Asus компаниясининг ROG Phone 3 модели ҳам намойиш қилинди.

ЎҚИНГ: Redmi флагмани ҳатто iPhone 11 Pro Max, Galaxy S20+ ва OnePlus 8 Pro’ларни маҳв этиб, кучли ўнталикка кирди! (+видео)

Дисплей ва дизайн

Мазкур геймерофон бир қатор хусусиятларига кўра рақибидан устун: унинг 6,6 дюймлик AMOLED-дисплейида ҳам кадр янгиланиш частотаси 144 герцлик, лекин унинг сенсор қатлми 270 герцлик частотада янгиланади. Тасвир аниқлиги Full HD+ форматли экран HDR10+ сифатидаги тасвир узатишга ҳам қодир. Дисплейга тегинишдаги реакция бериш вақти минимал даражага туширилган – тахминан 18 миллисония.

Asus ROG Phone 3 экранининг юқориси ва пастидаги стереодинамиклар махсус ўйин режимига эга – улар ўйин ишга тушганида овозни оптималлаштириб беради. Корпуснинг ён қирраларида яхшиланган AirTrigger 3 сенсор триггерлари бор; улар ультратовушли сенсорларни ва ҳаракат датчикларини ўзида уйғунлаштирган. Триггерлар тегинишни ҳам, свайп – силашни ҳам сезади ва тегишли амалларни бажаради.

Геймерофон корпусига яна нақ тўртта микрофон, қувватлаш учун иккита порт мавжуд, ўйин жараёнида смартфонни горизонтал ҳолатда ушлашда улар ёпилиб қолмайди. Орқа панелда ичкаридан ёритилувчи ROG логотипи ҳам ўрнатилган.

Ичига назар соламиз

Asus ROG Phone 3 аппарат таъминоти асосини ҳам Qualcomm компанияси 8 июль куни тақдим этган флагман – Snapdragon 865+ процессори ташкил этади. Смартфонда «оперативка» сифатида 16 ГБгача ҳажмли LPDDR5 хотира чиплари қўлланган; доимий хотираси эса 512 ГБгача ҳажмга эга, UFS 3.1 форматли сақлагичлар қўлланган.

Тайванлик компания учинчи авлод геймерофонида совитиш тизимини янада такомиллаштирган. Унинг радиатори олдинги авлодга нисбатан 6 карра катта; яна буғлантирувчи камера ҳамда графит плёнка ҳам қўлланган.

ROG Phone 3 автономлиги учун 6000 мА/соатлик аккумулятор жавоб беради ва у 30 ваттлик тезкор қувватлана олади. Asus’нинг таъкидлашича, унинг тўлиқ қуввати билан PUBG Mobile ўйинини узлуксиз 9,2 соат, Asphalt 9 ўйинини – 9,6 соат, Call of Duty: Mobile ўйинини эса 9,3 соат ўйнаш мумкин. Яна аккумулятор тўзишини пасайтириш учун қувватлаш тезлигини ёки максимал даражасини махсус илова орқали чеклаш имкони бор.

Камералари ҳам ҳеч кимдан кам эмас!

Asus ROG Phone 3 бош камераси учталик: 64 мегапикселлик Sony IMX686 сенсори, 13 мегапикселлик кенг бурчакли (кўриш бурчаги 125 даража) модул ҳамда 5 мегапикселлик макрокамера.

Геймерофоннинг олд камераси эса 24 мегапикселлик якка датчикдан иборат бўлиб, экран тепасидаги энсиз рамкага сиғдирилган.

Аксессуарлар

Asus ушбу модели учун кўплаб турли аксессуарлар ҳам таклиф этаётир. Булар – ҳимоя ғилофлари (шу жумладан ёритилувчи логотипга эга бўлганлари), TwinView Dock 3 док-станцияси (унда янгиланиш частотаси 144 герцлик иккинчи экран ҳам бор) ҳамда ROG Kunai 3 геймпади кабилардир.

Смартфонга қўшимча яна AeroActive Cooler 3 кулерини ҳам сотиб олиш мумкин. Кулернинг ўзида смартфонни маҳкамлаб столга қўйиш учун оёқча ҳамда 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳам бор (смартфонда у йўқ).

Булардан ташқари, янги смартфонга олдинги авлод – ROG Phone 2 геймерофонининг кўп аксессуарлари ҳам мос келади.

Қуйида ROG Phone 3 қурилманинг расмий видеосини томоша қиламиз:

Нархига келсак...

Европа бозорига Asus ROG Phone 3 шу ойнинг охирида чиқади ва унинг тезкор/ички хотираси 12/512 ГБлик варианти учун 999 евро нарх белгиланган. Юқори конфигурацияли – 16/512 гигабайтлик варианти учун эса 1099 евро тўлашга тўғри келади.

Бундан ташқари, Asus мазкур геймерофонининг нисбатан арзон – ROG Phone 3 Strix Edition версиясини ҳам чиқарган. Унда Snapdragon 865 процессори ҳамда кичикроқ – 8/256 ГБлик хотира қўлланган. Нархи ҳам шунга яраша – уни «атиги» 799 евро эвазига олса бўлади.

Хулоса қиладиган бўлса, Asus ROG Phone 3 – геймерлар орзусидаги смартфон, лекин Lenovo Legion Duel барибир «белидан» чиқувчи камераси, 90 ваттлик тезкор қувватланиш технологияси билан барибир қизиқарлироқ. Арзонлигини айтмайсизми – униси тайванлик геймерофоннинг ярим нархига ҳам етмайди!

ЎҚИНГ: Энг қизиб кетувчи ва энг қизимайдиган смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2020 йил 2-чорак)

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!