Lenovo Legion Duel намойиш қилинди: энг кучли, энг оригинал, энг ўйинбоп смартфон атиги 500 доллардан!

  •   DiMaX
  •  891
  •  23.07.2020 13:29

Lenovo Legion Duel намойиш қилинди: энг кучли, энг оригинал, энг ўйинбоп смартфон атиги 500 доллардан!

Боягина биз Samsung компанияси Galaxy Z Flip 5G букламафонини тақдим этгани ҳақида ёзгандик. Аслида 22 июлда Snapdragon 865+ чипли илк флагманлар намойиш қилишини бошқа иккита смартфонсоз эълон қилган эди.

ЎҚИНГ: «Қирол ўлди. Яшасин қирол!» – жаҳон рекордчисини AnTuTu’да тор-мор этишди!

Шундай қилиб, кеча Lenovo компанияси шу пайтгача хабарларда Lenovo Legion деб аталиб келаётган геймерофонини Lenovo Legion Duel номи остида тақдим қилди.

Барча «кўзлари белида» жойлашган ягона смартфон!

Lenovo Legion Duel камералари умуман оригинал тарзда – корпуснинг ўртасида жойлашган. Ушбу моделда олд камера илк бор смартфоннинг юқори эмас, балки ён томонидан чиқувчи механизмга ўрнатилган. Ишлаб чиқарувчи бу смартфонини теймерларга атаб чиқарган, шунга мос тарзда унинг горизонтал ушлашга қулай қилинганини тушунса бўлади.

Шундай қилиб, корпуснинг «биқинидан» чиқувчи механизмга 20 мегапикселлик селфи-камера, унинг ёнига эса тўртта микрофон жойланган. Lenovo таъкидлашича, корпусдан чиқувчи камера ярим сонияда ишга тайёр бўлади ва унинг блоги 400 000 марта чиқиб-киришга ярайди.

Legion Duel’нинг нафақат олд, балки корпус орқасидаги асосий камераси ҳам ўртасига яқин ерга ўрнатилган – геймер икки қўллаб смартфонни ушлаганида, уларни ёпиб қўймайди. Бош камера қўшалоқ: 64 мегапикселлик асосий датчиги F/2,89 диафрагмали объектив билан бириккан; 16 МПлик иккинчи модулга эса 120 даражадаги кенг бурчакли объектив маҳкамланган.

«Ички дунёси» ҳам бой

Lenovo Legion Duel диагоналига 6,65 дюймлик, томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатли AMOLED-дисплей билан таъминланган. Унинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида бўлиб, дисплейда кадр янгиланиш частотаси энг юқори – 144 герцга тенг.

Корпуснинг юқори ва пастки қисмларида кучли стереодинамиклар жойлашган ва улар Dirac Audio технологиясини қўллаб-қувватлайди. Legion Duel ён қирраларида ўйинда қўлланувчи ультратовушни тепкичалар жойлашган, дактилоскоп эса экранга интеграция қилинган.

ЎҚИНГ: Samsung смартфонининг дактилоскопини икки карра тезлаштирамиз!

Lenovo бу геймерофонининг нафақат Snapdragon 865+ процессори ва Adreno 650 график тезлатгичи, балки иккита вибромотори ва иккита совитиш найчаси билан ҳам мақтанса арзийди. Legion Duel яна иккита аккумуляторга ҳам эга – ҳар бири 2500 мА/соатлик бўлган бу батареялар, қизиб кетишнинг олдини олиш учун корпус ичида икки томонга жойланган.

Смартфонда яна замонавий USB-C портидан ҳам иккитаси бор: бир вақтнинг ўзида унга қувватлагич (битта аккумулятор учун) ва геймпад улаш, ё бўлмаса ҳар иккала батареясини бир вақтда зарядлаш мумкин. Ҳар иккала порти орқали қувватлаш ҳолатида тезкор қувватлаш кучи 90 ваттга етади: смартфоннинг 50 фоизга зарядланишига атиги 10 дақиқа, тўлиқ қувват олишига эса бор-йўғи ярим соат кифоя қилади!

ЎҚИНГ: Смартфонни атиги 15 дақиқада тўлиқ қувватловчи FlashCharge технологиясини «жонли» видеода кўрамиз!

Legion Duel моделининг афзалликларидан яна 5G тармоғини қўллаши, 12 ёки 16 ГБ ҳажмли LPDDR5 тоифали тезкор хотира, 256 ёки 512 ГБлик UFS 3.1 туридаги доимий хотира чиплари, шунингдек NFC модулини санаб ўтиш мумкин.

Қачон, қаерда, қанчадан?

Lenovo мазкур смартфоннинг Хитойдаги савдосини 5 августда бошлайди. Кейинроқ уни Европа, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлар бозорларига ҳам чиқаради, лекин АҚШда расман сотишни режалаштирмаяпти.

Нархига келсак, Lenovo Legion Duel тезкор/доимий хотираси ҳажмига кўра икки хил конфигурацияда чиққан ва нархиям шунга яраша. Унинг 8/128 гигбайтлик вариантининг нархи 500 доллардан бошланади. Янада тезкор ва «бағрикенг» конфигурацияли – 16/512 гигабайтлик варианти учун эса камида 860 доллар тўлашга тўғри келади.

Дарвоқе, мазкур геймерофоннинг асосий рақиби – Asus компаниясининг ROG Phone 3 модели ҳам кеча намойиш қилинган, у ҳақида алоҳида хабар берамиз, бизни кузатишда давом этинг.

Galaxy Z Flip 5G букламафони эса, умуман ўзга нарх тоифасига мансуб ва бошқача форм-факторга эга эканини ҳисобга олсак, буларга рақобатчи эмас.

ЎҚИНГ: Redmi флагмани ҳатто iPhone 11 Pro Max, Galaxy S20+ ва OnePlus 8 Pro’ларни маҳв этиб, кучли ўнталикка кирди! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!