Атиги 150 долларлик Redmi Note 7 тақдим этилди – 48 МПлик қўш камера, ёнғоқ чақишга ярайдиган экран!

  •   DiMaX
  •  8383
  •  10.01.2019 16:38

Атиги 150 долларлик Redmi Note 7 тақдим этилди – 48 МПлик қўш камера, ёнғоқ чақишга ярайдиган экран!

Кутилганидек, бугун – 2019 йилнинг 10 январь куни Пекин шаҳрида Xiaomi компанияси мустақил Redmi брендининг илк смартфонини тақдим этди. Гарчи айрим ўринларда Redmi X деб аталган бўлса-да, моделнинг расмий номи Redmi Note 7 бўлиб чиқди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 7 ҳамёнбоп смартфони «жонли» суратлари билан TENAA’га чиқди

Шундай қилиб, янги смартфоннинг диагоналига 6,3 дюймлик экранида IPS LTPS матрицаси қўлланган. Тепа қисмида томчисимон «кемтик»ка эга дисплейнинг тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселга тенг. Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қопланган экраннинг ён ҳошиялари атиги 1,95 миллиметрлик қалинликда – худди iPhone X’дагидек, дея таъкидлади компания директори Лей Цзунь (Lei Jun).

Redmi Note 7 саккиз ядроли Snapdragon 660 процессорига таянади – ушбу чип тўрттадан 1,8 ва 2,2 гигагерцлик ядроларни ҳамда 850 мегагерцлик Adreno 512 график тезлатгичини ўз ичига олади. Xiaomi вакилларининг таъкидлашича, мазкур смартфон AnTuTu’да салкам 146 000 балл тўплайди, бу эса хитойлик техногигантнинг Kirin 710 чипли телефонларидан устун кўрсаткич.

Аввалдан ҳам Xiaomi кўп бора мақтанганидек, Redmi Note 7 бош камерасида айнан ўша 48 мегапикселлик сенсор қўлланган. Тасвирларнинг чуқурлигини таҳлил этишга ва боке эффектли портрет режимига хизмат қилувчи иккинчи датчик эса 5 мегапикселлик.

Экрандаги томчисимон «ўйиқ»дан жой олган селфи-камера 13 мегапикселлик якка сенсордан иборат. Суратларни қайта ишлаш учун камераларга «сунъий онг» технологияси жорий этилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi 7 долларлик янги гаджетини ҳам «сунъий онг» билан таъминлади!

Redmi Note 7 аккумулятори 4000 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиб, 18 ваттлик қувватлаш блогидан Quick Charge 4 технологияси бўйича тезкор заряд олишга қодир.

Смартфоннинг корпуси ўлчамлари 159,21х75,21х8,1 миллиметрга тенг бўлиб, мустаҳкамлигини таъкидлаш учун компания уни йигитларга ҳамда баланд пошнали туфли кийган қизга тепкилатиб, шунингдек устига ўтириб ва ҳатто экрани билан ёнғоқ чақтириб кўрсатган. Булардан ташқари, Redmi Note 7 чангдан ва намдан ҳам ҳимояланган, аммо ҳозирча унинг IP даражаси айтилмаган.

Қурилма замонавий USB-C ҳамда қулоқчин учун анънавий 3,5 миллиметрлик тирқишга эга. Шунингдек, инфрақизил порти орқали уни маиший техника жиҳозларини бошқариш учун пульт вазифасида ҳам қўлласа бўлади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 7, Redmi 7A ва Redmi 7 Pro аллақачон сертификатланди – уларнинг тақдимоти яқин!

Redmi Note 7 уч хил корпусларда тақдим этилмоқда: оддий қора ҳамда кўк ва пушти градиент тусли.

Мазкур смартфонни сотувга 15 январда чиқаришади, нархлари эса аллақачон маълум. Унинг бошланғич – тезкор/доимий хотираси 3/32 гигабайтлик талқини 999 юанга баҳоланган, бу 150 АҚШ долларидан салгина камроқ. Xiaomi бу смартфоннинг 4/64 гигабайтлик талқини учун тахминан 175 доллар, 6/64 гигабайтлиги эвазига эса 205 доллар сўраяпти.

ЎҚИНГ: 809 000 сўмдан бошланувчи Xiaomi смартфонлари нархлари (2019 йил 11 январь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.