Exynos 1080 чипли, Zeiss оптикали ва OriginOS тизимли илк камерофон: тақдимот куни ва анбоксинг видеоси!

  •   DiMaX
  •  730
  •  21.12.2020 17:50

Exynos 1080 чипли, Zeiss оптикали ва OriginOS тизимли илк камерофон: тақдимот куни ва анбоксинг видеоси!

Vivo якунига етаётган йилнинг охирги кунларида ўзининг янги смартфонлар туркумини намойиш этиши ҳақида ёзган эдик. Компания шу тадбирини расман эълон қилди – флагманлар 29 декабрда тақдим қилинар экан.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг яхши смартфонлари (GSMArena талқини)

Хабарингиз борки, «Хитойча Apple» ҳам Xiaomi Mi 11 туркумидаги смартфонларини айнан шу санада намойиш қиляпти. Vivo ҳам тақдимотни шу кунга белгилаб, унга муносиб рақобатчи эканлигини таъкидламоқчи бўлган, шекилли:

Бундан олдинги Vivo X50 серияси таркибида учта смартфон бўлгани боис, янги туркумда ҳам Vivo X60, X60 Pro ҳамда X60 Pro+ моделлари бўлишини кутиш мумкин.

Ўтган ойда Samsung компанияси Exynos 1080 русумли мобил чипсетини тақдим этган эди. Смартфонни «учирувчи» ушбу 5G-процессор илк бор Vivo X60 қурилмаларида қўлланмоқда.

ЎҚИНГ: AnTuTu’да мутлақ рекорд: Exynos 1080 процессорли сирли Orion смартфони!

Vivo X60 туркумининг яна бир афзаллиги – компания уларнинг камерасида нуфузли Carl Zeiss компаниясининг оптикасини ишлатяпти. Яна бир жиҳати эса – улар Apple дизайнери яратган график қобиқ – Origin OS билан чиқарилади.

Интернетда аллқачон янги авлод камерофонларнинг иккинчиси – Vivo X60 Pro модели қадоғидан олиб кўрсатилган «жонли» видео ҳам пайдо бўлди:

Vivo X60 Pro бош камерасида асосий сенсор 48 мегапикселлик бўлиб, F/1,48 диафрагмага эга. Иккинчи – ўта кенг бурчакли ҳамда учинчи – портрет камералари 13 мегапикселлик аниқликда. Камера жамланмасида яна 8 мегапикселлик перископик модул ҳам бор – у 5 карралик оптик ва 60 каррагача рақамли зум имкониятига эга.

Булардан ташқари, Vivo X60 Pro модели янгиланиш частотаси 120 герц бўлган Samsung AMOLED экрани ҳамда тезкор қувватлаш технологияси билан таъминланган.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Рекорд даражада тез қувватланувчи смартфонлар