Рақамли дунёда 2018 йил якунлари: асосий тенденциялар

  •   DiMaX
  •  1149
  •  28.12.2018 17:57

Рақамли дунёда 2018 йил якунлари: асосий тенденциялар

The Bell нашри 2018 йилда технологиялар оламида ва унга алоқадор соҳаларда юз берган асосий воқеалар, йилнинг асосий трендлари ҳақида якунларни эълон қилган.

Бу йил смартфонлар бозорида илк бора пасайиш сезилди, Fortnite ўйинлар саноатида рекорд ўрнатди, Хитой эса бошқа барча мамлакатлардан кўпроқ фазовий парвозларни амалга оширди. Аммо ҳали воқеаларнинг 2019 йилдаги ривожига ҳам таъсир этадиган асосий трендлар бор...

ЎҚИНГ: Хитой бутун Ер юзини бепул интернет билан таъминлаш учун илк сунъий йўлдошни учирди

  1. ИҚТИСОДИЁТ: Инвесторларнинг пули стартапчиларнинг идеализмдан устун келди

Иқтисод соҳасида 2018 йил мустақил араб жамғармаларининг маблағларини бошқарувчи Vision Fund мегафонди билан боғлиқ можаро эсда қоларли воқеа бўлди. Журналист Жамол Қошиқчи ўлимидан сўнг кўпчилик сармоядорлар бу пулларни «заҳарли» деб ҳисоблаган ва ундан фойдаланмасликни тарғиб эта бошлашганди. Лекин SoftBank томонидан бошқарилувчи ушбу фонд маблағлари ҳажми (100 миллиард долларга яқин) ҳамда унинг турли стартапларга киритган улкан инвестициялари танқидчиларнинг оғзини ёпди.

Айтиш керакки, Vision Fund ҳар бирининг ҳажми 100 миллион доллардан ошиқ бўлган ўнлаб киритмаларни амалга оширди. Жумладан, мазкур мегажамғарма:

  • Uber’га 9,3 миллиард доллар;
  • Nvidia’га 5 миллиард доллар;
  • Flipkart’га 2,5 миллиард доллар;
  • ва бошқа лойиҳаларга ҳам турли миқдорда инвестициялар киритган.

Хулоса: Vision Fund инвестициялари мисолида кўриш мумкинки, катта миқдордаги пуллар бизнесменларни «Узумини егин-у, боғини суриштирма» қабилида йўл тутишга ундайди; жуда улкан миқдордаги маблағлар эса технологияларни қайси йўналишда ривожлантириш кераклиги борасида дунёга ўз сўзини ўтказа олади.

  1. ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ: Махфийлик деганларига ишонманг!

2018 йили шахсий маълумотларнинг дахлсизлигига бир неча фронтдан ҳужумлар бўлди:

  • Корпоратив қариндош-уруғчилик. Маълум бўлишича, йирик компаниялар бировларнинг шахсий маълумотларини шунчаки, ўзлари йирик бўлганлари учунгина қўлга киритишлари мумкин экан;
  • Яхши билмаслик. Facebook ижтимоий тармоғининг ҳимояси бузиб кирилиши ҳолатларидан маълум бўлдики, ҳатто энг йирик ижтимоий тармоқ ҳам ўзининг 2,2 миллиард нафар фойдаланувчисини «бегона кўз»лардан асрай олмас экан. Десятки миллионов пользователей оказались жертвами сборщиков персональных данных. Google ҳам бу йил икки марта Google+ тармоғидаги баг туфайли юз миллионлаб фойдаланувчиларининг маълумотларини хавф остида қолдирди.
  • Иқтисодиётни рақамлаштиришдаги хатоликлар. Бир қатор давлатларнинг турли ташкилотлари рақамли тизимларининг ҳам ҳимоясида «туйнук»лар бор экан. Россияда уларни бузиб кириш бизнес даражасида ривожланган, АҚШда эса соғлиқни сақлаш тизимидаги ўнлаб ташкилотлар ва касалхоналарнинг рақамли тизимларига кириб, мижозларнинг шахсий маълумотларини ўғирлашган.
  • Хавфсизликни кафолатлай олишмайди. Starwood меҳмонхоналар тармоғидан тўлов ахборотлари билан бирга 500 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари чиқиб кетганида маълум бўлдики, ҳимоянинг бузилиши ўша куннинг ўзида амалга оширилмаган. Хакерлар бу маълумотлардан бир неча йил мобайнида фойдаланиб келишган, демак – хавфсизлик борасидаги ваъдаларнинг барчаси алдамчи экан.

ЎҚИНГ: Яширин камера ўрнатилган: ижара квартираларида ёки меҳмонхоналарда яширин камерани қандай топса бўлади?

2018 йилда шахсий турмуш дахлсизлигини муҳофаза этишга қаратилган ягона ҳаракат – GDPR (General Data Protection Regulation – Шахсий маълумотлар ҳимояси ҳақидаги бош регламент) бўлиб, у ҳам амалий фойда бермади:

  • Компаниялар дарров «айланиб ўтиш» йўлларини топишди, барибир кишиларнинг маълумотларини тўплаш давом этяпти;
  • GDPR директиваси билан ишлаш имкони ва хоҳиши йўлиги боис, кўплаб Америка сайтлари (жумладан – медиа ҳам) энди Европада блокланган;
  • Фойдаланувчилар cookie технологиясининг қўлланиши ҳақидаги бемаъни огоҳлантиришлар кўплигидан нолишмоқда. Улар веб-сёрфингни мураккаблаштиради, ҳатто Opera браузери бу каби билдиришномаларни чеклаш функциясини ҳам ишга туширди.

Хулоса: Ҳар бир фойдаланувчи билиши лозимки, унинг шахсий маълумотлари, шунингдек қаерларга борганлиги, тўловлари, ёзишмалари ва истеъмолчи сифатидаги одатлари нафақат йирик корпорацияларга, балки хакерларга ҳам маълум бўлиши мумкин.

  1. ИЛМ-ФАН: Қимматли маълумотларни олиш криптовалюталар олишдан устун келди

2018 йили бутун дунёда криптовалюталар роса шов-шув бўлди, лекин асосий ресурс барибир ахборотлар эканлиги ойдинлашди. Криптовалюта майнинг қилиш («қазиб олиш») кучли компьютерлар томонидан бажариладиган ҳисоблаш ишларига таянади, аммо улар одам мияси бажарадиган ишга барибир қодир эмас.

Инсон мияси – «хом» ахборотларга қиймат бағишлайдиган ягона жиҳоздир. Бугунги кунда «сунъий онг»ни машқ қилдириш учун одамзотнинг миясидан фойдаланишяпти. Масалан, бирор расмдаги автомобилнинг ёки одамнинг «чегараларини белгилаб» олишни компьютерга барибир инсон ўргатмоқда ва бу каби ишларда миллионлаб оддий кишилар меҳнатидан фойдаланишмоқда. Арзимаган ҳақ эвазига суратлардан объектларни белгилаб кўрсатишга кўплаб оддий кишилар жалб этилган бўлиб, улар келажак «сунъий онг»и учун улкан маълумотларни яратишмоқда. Бу худди бир замонлар колониялардаги арзон ишчи кучидан фойдаланиб завод-фабрикаларда катта ишлар қилинганига ўхшаш гап.

Аммо соҳага тегишли малакаси бўлмаган кишиларнинг «сунъий онг»га ўргатишлари бора-бора камаяди. Зеро келажакда ҳайдовчисиз автомобилни бошқарадиган «сунъий идрок»ка суратдаги светофор қаерда жойлашганини, масалан, Кениядаги ҳаваскор ўсмир ҳам ўргатиши мумкин. Аммо радиология, гистология ёки бошқа бирор тиббиёт соҳасига оид маълумотларни белгилаб кўрсатиш унинг қўлидан келмаслиги аниқ.

Хулоса: Тезда қарор қабул қилиб, ўз тажрибасини шакллантиришга ва уни «сунъий идрок» ҳамда ярим автоматлаштирилган тизимларга ўргатишга қодир бўлган малакали профессионаллар 2019 йилда кўпроқ керак бўлади. Ушбу тренд яқин ўн йил ичида яна ўсишда давом этади.

  1. СИЁСАТ: Ягона интернет энди бўлмайди

Интернет ҳам турли қисмларга ажрала бошлаган. Уни учта куч ҳар томонга тортмоқда:

  • Ҳукумат. Интернетни тартибга солиш ҳар хил мамлакатларда турлича йўлга қўйилган. Қаердадир экстремизм тақиқланган, яна бир жойда репост учун ҳам қамашади, бошқа бирида – давлаб бошлиғи ҳақида танқидий фикр билдирганларни жазолашяпти. Улар турли алоқа каналларини назорат остига олишга ҳаракат қилишяпти, мессенжерларни блоклашяпти, айрим ҳудудларда муайян сайтлар ишламай қоляпти.
  • Корпорациялар. Видеотрафик умумий интернет-трафикнинг катта қисмини ташкил эта бошлагач, телекоммуникацион компанияларга тармоқ холислиги (ҳар хил трафик турлари бир хил мақомга эга бўлиши) тамойили халақит бера бошлади. Улар видеоконтент сайтларига кўпроқ афзаллик беришаётир; кўп ҳолларда йирик компанияларнинг сайтлари кичик компанияларникидан кўра тезроқ очилади; провайдерлар ва уяли алоқа операторлари мижозларга ўз ҳамкорларининг сервисларини ҳамда видеоконтентни яхшироқ шартлар эвазига етказиб бера бошлашган.
  • Ташқи сиёсат. АҚШ ва Хитой каби йирик иқтисодий державалар тўвнашуви протекционизмга олиб келади. Кучли мамлакатлар ва уларнинг ҳамкорлари рақамли иқтисодиётни ҳимоя қилишга ўтишади – бу эса соғлом мантиққа зиддир. Бу давлат буюртмаси асоссиз тарзда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тушишида, хорижий ишлаб чиқарувчилар ва дастурчиларнинг маҳсулотларини киритмасликда, маҳаллий бозорга йирик трансмиллий компанияларнинг кириб келишига тўсқинлик қилишда, маҳаллий ўйинчиларни ўринсиз қўллаб-қувватлашда намоён бўлади ва соғлом рақобатни ўлдиради, истеъмолчининг танлаш имкониятини чеклайди.

Хулоса: Интернет бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган сегментларга бўлиниб боряпти. Google собиқ раҳбари Эрик Шмидт ҳатто, яқин йилларда унинг иккита суперсегментга бўлинишини прогноз қилган: шартли америкача – нисбатан эркин ва бозорга мос интернет ҳамда шартли хитойча – нисбатан қаттиқроқ бошқарилувчи интернет.

  1. ТЕХНОКРАТИЯ: Жамият асосларини рақамли услублар билан ўзгартиришга уриниш ҳозирча самара бермаяпти

2018 йили криптовалюталар нархи бир неча марта тушиб кетгани шуни кўрсатадики, фақат технологик инновацияларнинг ўзи билангина анъанавий институтларни, масалан – молия тизимини алмаштириб ёки тубдан такомиллаштириб бўлмайди.

Бу ҳолат бошқа исталган инновацияга ҳам тегишли:

  • Wikipedia маълумотномалар ва энциклопедияларнинг ўрнини тўлиқ боса олган бўлса, унинг асосчиси Жимми Уэйлс томонидан яратилган WikiTribune фактчекинг ва янгиликлар ресурси барибир ОАВ ёки янгилик сайтларининг ўрнини боса олмади. Бундан ташқари, тезкор, профессионал ва сифатли реакция талаб этувчи айрим турдаги вазифаларни жамият қўлига топишиб бўлмаслиги ҳам ойдинлашди.
  • World Wide Web асосчиси Тим Бернерс-Ли шахсий маълумотлар муҳофазаси масаласини замонавий децентрализация ҳамда дастурий интерфейслар орқали ҳал этишга уриниб кўрди. Аммо энди аниқ бўлишича, унинг Solid тизими маълумотларга ғараз ниятли дастурчиларнинг кириб боришини озми-кўпми қийинлаштириши мумкин, аммо тўлақонли ҳимояни кафолатлай олмайди.
  • Электрон овоз бериш учун машиналарнинг жорий этилиши сайловлар натижаларини сохталаштиришнинг янгича усулига асос солди (масалан, АҚШнинг овоз бериш машинасининг ҳимоя тизимини истеъдодли ёш бола буза олган). Ҳатто, бугунги офлайн турмушнинг исталган йўналишини рақамлаштириш ҳам мазкур технологиялар имкониятларини суиистеъмол қилишга олиб келишини прогноз қилиш мумкин.

Хулоса: Олдинлари технологияларни унча тушунмайдиган бошқарувчи, йўналтирувчилар замонавий технократлар билан зиддиятга боришарди. Бунинг сабаби – икки авлод вакилларининг ўзаро тушунмовчилиги бўларди. Энди эса янги тенденция кузатилмоқда: бошқарувчилар технологияларни тушунишади, аммо улардан жамият манфаати учун эмас, балки давлатнинг ролини кучайтириш учун фойдаланишяпти.

Бунинг натижалари эса қуйидагиларда аён бўлмоқда:

  • Хитойнинг ижтимоий рейтинг тизими ва рақамли диктатураси;
  • Россияда давлат манфаатлари йўлида фуқароларнинг юзларини таниш бўйича буюртмалар;
  • Кучли криптографиядан ҳамда бошқариб бўлмайдиган блокчейн-технологиялардан фойдаланишни чеклашга уринишлар.

Хулласи калом, рақамли дунёдаги 2018 йилнинг асосий тенденциялари шулардан иборат. Воқеалар ривожини биз билан бирга кузатинг.

ЎҚИНГ: Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистон тўлиқ рақамли иқтисодиётга ўтади!