AnTuTu рейтинги: Ўйинбоп флагман Mi 11’ни тахтдан ағдарди! (2021 йил январь)

  •   DiMaX
  •  737
  •  03.02.2021 11:07

AnTuTu рейтинги: Ўйинбоп флагман Mi 11’ни тахтдан ағдарди! (2021 йил январь)

Qualcomm компаниясининг энг кучли чипсети – Snapdragon 888 базасидаги илк смартфон – Xiaomi Mi 11 модели AnTuTu бенчмаркининг ўтган ойдаги рейтингида шоҳсупага кўтарилган. Лекин бу флагман тахтда узоқ ўтира олмади...

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Android-смартфонлардан қайсилари энг зўр? (AnTuTu рейтинги, 2020 йил декабрь)

AnTuTu жамоаси 2021 йилнинг биринчи ойи мобайнида ушбу бенчмаркда текшириб кўрилган Android-смартфонларнинг энг кучлиларини эълон қилди. Рўйхатни шакллантиришда мазкур сервисда камида 1000 марта тест қилинган моделлардан ҳар бирининг ўртача (энг юқори эмас!) натижалари асос қилиб олинган.

Декабрдаги рейтингда 708 425 баллик натижаси билан лидер бўлиб турган Xiaomi Mi 11 бу гал 705 593 баллик кўрсаткич билан иккинчи ўринга тушиб қолибди. Vivo компаниясининг iQOO бренди тайёрлаган iQOO 7 геймерофони ҳали тақдим этилмасидан олдиноқ бу сервисда 752 935 баллик натижа билан рекорд ўрнатган эди. Ниҳоят, бу смартфон январда намойиш этилди ва ўз рақибидан анча арзон нархда сотила бошлади. Харидорлар дарҳол уни AnTuTu’да текшириб кўришди ва... 728 784 балл билан у мазкур ойнинг етакчисига айланди!

Дастлабки икки ўриндаги смартфон Qualcomm Snapdragon 888 чипсети базасида ишлайдиган бўлса, кейинги иккита поғонани Kirin 9000 процессорли Huawei флагманлари эгаллаган. Яъни, Huawei Mate 40 Pro+ ҳамда Huawei Mate 40 Pro камерофонлари тегишлича 702 553 ва 688 043 балл билан учинчи ва тўртинчи ўринларни банд этган.

ЎҚИНГ: 2020 йил сўнгида бешта нарх тоифасида энг қудратли Android-смартфонлар (AnTuTu рейтинглари)

Кўриб турганингиздек, январь ойидаги кучли смартфонлар ўнталигига яна қуйидаги флагманлар кирган ва уларнинг бари Snapdragon 865 процессорига таянади:

  1. Oppo Reno 5 Pro+
  2. iQOO 5
  3. Redmi K30S Extreme Commemorative Edition
  4. iQOO 5 Pro
  5. Vivo X50 Pro+
  6. Xiaomi Mi 10 Ultra.

Ишлаб чиқарувчилар кесимида қараганда, рўйхатда энг кўп – тўртта ўринни Vivo компанияси (ва унинг iQOO бренди) вакиллари банд этган. Xiaomi (ҳамда унинг Redmi бренди)нинг учта, Huawei корпорациясининг иккита ва Oppo компаниясининг битта модели кучлилар ўнлигига кирган.

Дарвоқе, Oppo компаниясининг Find X3 Pro флагмани буларнинг барчасидан ҳам ошиқ натижа кўрсатган. Бу модел ҳали расман намойиш этилганича йўқ, бироқ аллақачон самарадорлик бўйича ундан ҳам устун янги смартфон пайдо бўлди!

ЎҚИНГ: AnTuTu тахтига даъвогарни тақдимотидан аввал «Қора Акула еб қўйди»!