iPhone 12 жамланмаси, айниқса нархи сизни хурсанд қилмайди

  •   DiMaX
  •  2111
  •  28.08.2020 09:56

iPhone 12 жамланмаси, айниқса нархи сизни хурсанд қилмайди

Apple компанияси iPhone 12’лар қадоғидан оддий – симли EarPods қулоқчинини олиб ташлаётгани ҳақида ёзган эдик. Лекин унинг зиқналиги ҳали бу билан ҳам тугамас экан – айфонлар жамланмасида қувватлаш адаптери бўлмас экан ва Apple’нинг ўзи бошқача йўл билан тасдиқлаган.

ЎҚИНГ: Инсайдер қулоқчинсиз ва қувватлагичсиз iPhone 12 қадоғини видеода кўрсатди

Демак, iPhone 12 туркумидаги моделларнинг қадоғида фақат смартфоннинг ўзи, ҳужжатлари ва Lightning кабели қолади, холос. Шунга қарамасдан, купертиноликлар янги айфонларга барибир юқори нарх белгилашяпти, дейишмоқда инсайдерлар.

Жумладан, базавий моделдаги iPhone 12 нархи 699 доллардан 749 долларгача бўлиши мумкин. Apple iPhone 12 Pro Max эса бошланғич конфигурацияда 1149–1199 долларга таклиф этилади. Таққослаш учун келтириб ўтсак, бошланғич конфигурацияда бултурги iPhone 11 модели 699 долларга, а iPhone 11 Pro Max эса – 1099 долларга баҳоланган эди.

Бироқ бу йилги айфонларнинг афзалликларини ҳам эътироф этиб ўтиш керак. Масалан, бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларини қўллаб-қувватлаши, янгиланиш частотаси 120 герцлик ProMotion дисплейи, лазерли лидар (LiDAR) датчиги кабилар.

Биз куни кеча iPhone 12 биринчи марта ишлатиб кўрсатилган «жонли» видеони улашган эдик. Шунингдек, янги авлод айфонлар чиққач, дунёдаги энг оммабоп смартфон янада арзонлашади!

ЎҚИНГ: Энди бор-йўғи 350 долларга яп-янги iPhone олиш мумкин бўлади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!