«Кичкина Кинг-Конг» лақабли Redmi Note 7 бугун янги рекорд ўрнатди

  •   DiMaX
  •  6849
  •  01.02.2019 15:28

«Кичкина Кинг-Конг» лақабли Redmi Note 7 бугун янги рекорд ўрнатди

Xiaomi компаниясининг янги – Redmi Note 7 смартфони арзонлиги ва мустаҳкамлигидан ташқари, 18 ойлик кафолат муддатига эга илк смартфон эканлиги билан ҳам аҳамиятли. Хитойнинг ўзида уни 15 январдан савдога чиқаришган ва тез орада уни талашиб сотиб олишган.

ЎҚИНГ: ВИДЕО: Саккиз ярим дақиқада сотиб тугатилган Redmi Note 7 ичини очиб, қисмларга ажратиб кўрамиз!

Мустаҳкамлиги боис ушбу смартфонни «Кичкина Кинг-Конг» деб ҳам аташмоқда. Турли видеоларда уни йигитлар полга ташлаб тепкилаб, қиз нозик пошнасида эзғилаб, дўмбоқ йигит устига сакраб ўтириб ва яна экрани билан ёнғоқ чақиб, дисплейи устида турли маҳсулотларни ошпичоқда чопиб, ҳатто сув тубида ҳам ишлатиб ҳам кўрсатишган. Шунингдек, Redmi Note 7’нинг ичини очиб, қисмларга ажратиб кўрсатилган, яна мустаҳкамлиги металл зўлдир ва дрель остида, калит тўла қути ичида синалган видеоларини ҳам чиқарганмиз.

Redmi Note 7 моделининг иккинчи партияси жорий йилнинг 18 январида сотувга чиқарилган ва 10 дақиқаю 56 сония ичида сотиб тугатилган. Бугун – 1 февраль куни, Пекин вақти билан соат 10:00 да унинг навбатдаги партияси савдоси бошланган. Бу хитойча Янги йил байрамидан олдинги сўнгги савдо эканлиги билан ҳам аҳамиятли.

ЎҚИНГ: 150 долларлик Redmi Note 7 қайси рейтингда 1800 долларлик Galaxy Fold буклама смартфонидан устун келди?

Яқинда алоҳида ажратилган Redmi бренди бош директори Лу Вейбин ўзининг Weibo тармоғидаги аккаунти орқали маълум қилишича, Redmi Note 7 савдосида янги рекорд қайд этилган – уни 8 дақиқаю 36 сония ичидаёқ (илк савдосидаги каби) харид қилиб тугатишган!

Шу тариқа, бугун омадли Xiaomi фанатлари компаниянинг расмий сайти орқали Redmi Note 7 смартфонини қуйидаги нархларда сотиб олишган:

  • 3+32 ГБлик версияси – 999 юань (тахминан 149 АҚШ доллари);
  • 4+64 ГБлик версияси – 1199 юань (тахминан 178 АҚШ доллари).

Айтиб ўтиш ўринлики, бу – Redmi Note 7 учун белгиланган энг арзон нархлардир. Хитойнинг бошқа интернет-дўконларида уни камида 30-50 фоизга қиммат сотилмоқда.

Redmi Note 7 моделининг навбатдаги партиясини энди хитойча Янги йил байрамидан сўнг – 12 февралда сотувга қўйишади. Унгача мазкур смартфоннинг Ҳиндистонда ҳам расман тақдим этилиши ҳамда глобал версияда чиқиш вақти айтилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: «Ёнғоқчақар» Redmi Note 7 смартфонини AliExpress’дан сотиб олинг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.