Redmi K30 Ultra кушандаси – Realme X7 Pro ҳам тайёр: тақдимот куни, «жонли» сурат ва хусусиятлари

  •   DiMaX
  •  874
  •  21.08.2020 12:11

Redmi K30 Ultra кушандаси – Realme X7 Pro ҳам тайёр: тақдимот куни, «жонли» сурат ва хусусиятлари

Xiaomi компаниясининг ўн йиллик юбилейида арзончи бренднинг энг зўр флагмани – Redmi K30 Ultra (ёки Redmi K30 Extreme Commemorative Edition) ҳам тақдим этилган эди. Биз унинг «ичак-човоғини ағдариш» жараёни айнан Redmi K30 Ultra’да суратга олиб кўрсатилган видеони ҳам эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Янги рекорд ўрнатган Redmi K30 Ultra ичини очиб, Redmi K30 Pro билан таққослаб кўришди

Oppo корпорацияси айнан шу Redmi бренди билан рақобатлашиш учун ташкил этган Realme компанияси ҳам қараб тургани йўқ. Куни кеча биз унинг Realme X3 Pro флагманини тайёрлаётгани ҳақида ёзган эдик. Кейин чиққан расмий хабарларга кўра, компания уни Realme X7 Pro деб номламоқда ва айрим хусусиятларини ҳам айтиб улгурган.

Realme флагманининг Samsung Display тайёрлаган экран билан таъминиши, AMOLED матрицали дисплейда тасвир янгиланиш частотаси рақобатчи флагманларникидек – 120 герцга тенг эканидан хабарингиз бор. Расмий постерга кўра, мазкур дисплейнинг максимал ёрқинлиги 1200 кд/м2 бирликка тенг, бунинг эвазига ҳатто қуёш нури остида ҳам смартфон экранидаги матнни бемалол ўқиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, дисплей ёрқинликнинг нақ 4096 даражасига эга бўлиб, атрофнинг ёритилганлигига қараб интеллектуал тарзда созланади, натижада ҳар қандай ёруғлик шароитида ҳам экрандан ўқиш қулай бўлади.

Realme X7 Pro экранининг четлари қайрилган, ўлчами диагоналига 6,55 дюймлик бўлиб, дактилоскоп ҳам дисплейнинг ўзига интеграция қилинган.

ЎҚИНГ: Исталган Android-смартфоннинг бармоқ изи сканерига тезкор функциялар қўшамиз

Шунингдек, куни кеча TENAA регуляторида Realme компаниясининг RMX2121 модел рақамли телефони сертификациядан ўтган; манбаларга кўра, бу айни шу – бозорга Realme X7 Pro номи остида чиқувчи қурилмадир.

TENAA маълумотларига кўра, Realme X7 Pro корпуси ўлчамлари 160,8х75,2х8,5 миллиметрга, вазни эса 184 граммга тенг. Компания уни қора, оқ ва бинафша ранг тусли корпусларда сотади.

Realme X7 Pro экранидаги тирқишда 32 мегапикселлик олд камера, орқа панелида эса 64 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик квадрокамера жойлашган. Компания уни 6 ва 8 гигабайтлик тезкор, 128 ва 256 гигабайтлик доимий хотирага эга вариантларда таклиф этади. Лекин бу моделда хотира картаси учун слот кўзда тутилмаган.

TENAA мазкур смартфоннинг такт частотаси 2,6 гигагерцлик саккиз ядроли процессорга эга эканлигини айтмоқда. Афтидан, бу 7 нанометрлик технологик жараён бўйича тайёрланган Dimensity 1000+ чипсети бўлса керак. MediaTek компаниясининг мазкур флагмани AnTuTu бенчмаркининг июль ойидаги энг кучли мобил процессорлар рейтингида иккинчи ўринни олган эди.

Redmi K30 Ultra моделида 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси қўлланган бўлса, унинг «қотили» сифатида майдонга тушаётган Realme X7 Pro флагманида мазкур кўрсаткич 65 ваттга тенг. Юқоридаги постерга кўра, компания уни 1 сентябрь куни расман тақдим қилади.

ЎҚИНГ: Атиги 128 долларга уч камерали, 6000mAh батареяли ва ўйинбоп процессорли смартфон чиқди!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.