Тақдимотдан олдин Xiaomi Mi 11 Pro ҳамда Mi 11 Pro+ нархлари ва хусусиятлари аниқ бўлди

  •   DiMaX
  •  4675
  •  08.02.2021 12:45

Тақдимотдан олдин Xiaomi Mi 11 Pro ҳамда Mi 11 Pro+ нархлари ва хусусиятлари аниқ бўлди

Qualcomm компаниясининг энг кучли чипсети – Snapdragon 888 базасидаги илк смартфон – Xiaomi Mi 11 модели AnTuTu бенчмаркининг ўтган йилдаги сўнгги рейтингида шоҳсупага кўтарилган. Лекин корпорация унинг янада илғор версияси – Xiaomi Mi 11 Pro ва ҳаттоки Mi 11 Pro+ флагманларини тақдимотга тайёрламоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 11 Pro флагманининг Xiaomi Mi 11’дан асосий фарқи нимада?

Xiaomi ўтган ойнинг ўртасида оралиқ талқиндаги – MIUI 12.5 график қобиғини тақдим этган. Унинг глобал версиясининг тақдимоти бугун – 8 февралга белгиланган ва унда юқоридаги иккита смартфон ҳам намойиш этилиши мумкин. Хитойлик инсайдерлар эса аллақачон бу икки флагманнинг асосий техник хусусиятлари ва ҳатто барча конфигурациядаги вариантларининг нархларигача эълон қилишди.

Xiaomi Mi 11 Pro модели диагоналига 6,81 дюймлик дисплей билан таъминланган бўлиб, унинг тасвир узатиши 2K форматида бўлса, кадр янгиланиш частотаси 120 герцга етади. Snapdragon 888 процессорли бу флагманнинг бош камерасида асосий сифатида қўлланувчи Samsung GN2 датчигининг аниқлиги 50 мегапикселлик ва у оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Иккинчи – Sony IMX586/598 сенсори 48 мегапикселлик аниқликда бўлса, яна битта 48 МПлик – Sony IMX586 модули 5 карралик оптик зум ҳамда 120 карралик гибрид зум имкониятлари билан таъминланган. Mi 11 Pro олд камерасида эса 20 мегапикселлик сенсор ишлатилган.

Аккумуляторнинг ток сиғими 5000 мА/соатга тенг; у 67 ваттлик тезкор қувватлаш, шунингдек симсиз зарядланиш технологиялари билан бойитилган. Xiaomi Mi 11 Pro гаджетида яна NFC чипи, экраности дактилоскопик сканер, Wi-Fi 6E, Bluetooth 5.2, инфрақизил порт ҳамда Harman/Kardon динамиклари мавжуд. Компания унинг 8/256 гигабайтлик вариантини 775 долларга, 12/256 гигабайтлигини эса 835 долларга баҳолаяпти.

ЎҚИНГ: Тайёр туринг: Xiaomi Mi 11 глобал бозорга бир ярим баравар қиммат нархларда чиқади!

Туркумнинг энг кучлиси – Xiaomi Mi 11 Pro Plus моделига келсак, у ҳам худди шеригидаги каби дисплей ва Snapdragon 888 процессорига эга. Батареяси ҳам 5000 мА/соатлик бўлса-да, унга энг юқори – нақ 120 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган. Унинг корпуси IP68 стандартига кўра ҳимояланганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.

«Плюсли» смартфоннинг асосий фарқларидан яна бири эса камераларида: оддий Mi 11 Pro флагманидаги оптик датчиклар қўлланган бўлса-да, бунисида оптик зум нақ 10 карралик бўлади. Шунингдек, Mi 11 Pro+ девайсининг бош камера жамланмасига яна битта – 12 мегапикселлик аниқликдаги, икки карралик оптик зумга эга датчик ҳам киритилган. Селфи борасида ҳам бу модел янада кучли – унда 32 мегапикселлик олд камера бор.

Xiaomi Mi 11 Pro+ қурилмаси икки хил тезкор/ички хотирали вариантларда чиқади. Унинг 8/256 гигабайтлиги 865 долларга баҳоланаётган бўлса, 12/256 гигабайтлиги учун 930 доллар сўрашади.

ЎҚИНГ: Xiaomi яна инқилобий смартфон яратди: умуман порт ва тугмачасиз, тўрт томони «шаршара» дисплей... («жонли» видео)