Антиқа рейтинг: 2019 йилда қайси смартфонларни кўпроқ сохталаштиришган?

  •   DiMaX
  •  1336
  •  14.01.2020 10:21

Антиқа рейтинг: 2019 йилда қайси смартфонларни кўпроқ сохталаштиришган?

Кейинги пайтларда ўзининг хилма-хил рейтинглари билан эътибор қозониб келаётган бенчмарк сервисларидан бири Master Lu бўлади. Унинг маълумотлари асосида антеннаси энг кучли смартфонлар, энг қаттиқ қизиб кетувчи смартфонлар, «сунъий онг»ли смартфонлар процессорлари ҳамда энг тезкор, равон ва қулай интерфейсли смартфонлар рейтингларини тақдим этганмиз.

ЎҚИНГ: 2019 йилнинг энг барқарор смартфонлари ва прошивкалари (Master Lu рейтинги)

Энди эса Master Lu бенчмарки яна бир ишга қўл урди – ўтган йили энг кўп қалбакилаштирилган смартфонлар рейтингини чиқарди. Ушбу рўйхатда энг кўп Samsung ҳамда Apple қурилмалари ўрин олган. Умумий ҳисобда сохталаштириш ҳолатларининг 28,7 фоизи жанубий кореялик, 15,88 фоизи эса купертинолик техногигантнинг турли смартфонларига тўғри келади.

Қалбаки смартфонлар тайёрловчилар орасида энг оммабопи Samsung W2018 модели бўлиб чиқди. Иккита iPhone X нархидаги ушбу қурилма қўш сенсор экранли «раскладушка» бўлиб, хитойликлар орасида жуда оммалашган. Ушбу машҳурликдан сохтакорлар ҳам унумли фойдаланишган – Master Lu бенчмарки нақ 4688 марта унинг қалбакисини учратган.

ЎҚИНГ: Android-смартфон оригиналлигини аниқлашнинг энг содда ва ишончли усули

Иккинчи ўринда 4445 та қалбакилаштириш ҳолати билан iPhone 8 жойлашган бўлса, «кучли ясама учлик»ни iPhone XS Max якунлаб берган – уни 2499 марта сохталаштиришган. Рейтингнинг кейинги ўринларида эса iPhone X, Samsung W2019, Galaxy S8+, Xiaomi Mi Max, Mi 9, OPPO R11 Plus ва OnePlus 7 Pro моделлари келмоқда.

Айтиш керакки, қалбаки смартфонларни аниқлаш уларнинг Master Lu бенчмаркида текшириб кўрилиши ҳолатларида амалга оширилган. 2019 йили мазкур сервисда жами 6 639 704 та смартфон имтиҳон қилиб кўрилган бўлса, шулардан нақ 57 790 донаси қалбаки моделлар бўлиб чиққан.

ЎҚИНГ: iPhone: асл ва қалбаки маҳсулотни фарқлашга оид маслаҳатлар

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.