Илк буклама 5G-смартфон – FlexPai бугундан сотувга чиқди, лекин бу Samsung ҳам, Huawei ҳам эмас! (+«жонли» видеолар)
Жанубий кореялик техногигант ўзининг эгилувчан экранли букланувчи смартфони – Galaxy X моделини шу ойда тақдим этмоқчи эканидан хабарингиз бор. Шунингдек, Huawei бу борада биринчилик учун курашмоқда, аммо ҳар иккаласини унча танилмаган бошқа бир хитойлик компания доғда қолдирди!
Хулласи калом, дисплей ишлаб чиқаришга ихтисослашган Rouyu Technology компанияси кеча – 31 октябрда дунёдаги биринчи буклама смартфонни расман тақдим этди. Шунингдек, FlexPai номли бу телефон яна бир жиҳатдан биринчи бўлди – у Qualcomm ҳатто расман эълон қилиб улгурмаган Snapdragon 8150 процессори базасида ишлайди!
Rouyu Technology FlexPai диагоналига 7,8 дюймлик AMOLED-экранга эга; ёйиқ ҳолатда унинг томонлари ўзаро 4:3 нисбатда. Бироқ дисплейнинг тасвир аниқлиги унча юқори эмас – 1920x1440 пикселли. Экран махсус муҳофаза плёнкаси билан қоплаган, зеро, уни шиша билан ҳимоялаб бўлмаслиги аниқ.
Умуман олганда, «очилган» ҳолатида у 7,6 миллиметр қалинликдаги кичикроқ планшетга ўхшайди. Букланган ҳолатида эса у қалинлиги 15,2 миллиметрлик смартфон кўринишига келади. Бунда экранининг ўлчами диагоналига 4,3 дюймлик кўринишда бўлади. FlexPai букланувчи шарнири 200 минг марта очиб-ёпишга бардош бериши айтилаётир.
Қуйида ушбу смартфонни махсус видеолавҳада томоша қиламиз:
Смартфоннинг қўшалоқ камераси 16 ва 20 мегапикселлик иккита модулни ўз ичига олади; булардан иккинчиси телефото объективга эга.
ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ: Ишлаётган ҳолдаги ҳақиқий буклама смартфон илк «жонли» видеода!
Қурилма Rouyu Technology компаниясининг ўз ишланмаси бўлган Ro-Charge тезкор қувватлаш технологиясига эга. Унинг ёрдамида 3800 мА/соатлик аккумуляторини бир соатда 80 фоизга тўлдириш мумкин.
Компания ушбу смартфони учун Android 9 Pie операцион тизим талқинига асосланган махсус Water OS прошивкасини ишлаб чиққан. Бу дастурий таъминот FlexPai тузилишига, экранига мосланган.
Мана бу лавҳада эса FlexPai «жонли» видеода кўрсатилган:
Хитойнинг ўзида FlexPai моделининг илк партияси бугун – 1 ноябрданоқ сотувга чиқарилган, аммо тўлақонли савдоси қачон бошланиши ҳозирча номаълум. Унинг 6 гигабайтлик тезкор ва 128 гигабайтлик доимий хотирага эга бошланғич версияси 1290 доллар туради. Смартфоннинг 8/256 гигабайтлик варианти 1434 доллар, 8/512 гигабайтлиги эса 1864 долларга нархланган.
Шунингдек, Rouyu Technology компанияси унинг дастурчиларга мўлжалланган версиясини халқаро бозорга ҳам чиқаришга ваъда берган. Бунда қурилма фақат иккитагина модификацияда чиқарилади, нархлари эса у сотиладиган мамлакатга боғлиқ бўлади. Дастлабки маълумотларга кўра, глобал савдода 6/128 гигабайтлик FlexPai смартфони 1318 доллар ёки 1388 еврога, 8/256 гигабайтлиги эса 1469 доллар ёхуд 1539 еврога баҳоланиши айтилмоқда.
ЎҚИНГ: Lenovo’нинг ишлаётган ҳолдаги буклама смартфонини «жонли» видеода кўринг!